Зукко китобхонларнинг билими синалди
Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармасида вилоят ИИБ, шаҳар ва туманлар ИИБлари ҳамда соҳавий хизматлар, ИИВ Жиззах академик лицейи жамоалари иштирокида “Зукко китобхон” интеллектуал ўйини уюштирилди. Мазкур тадбир ўзига хос маънавият анжуманига айланиб кетди, десак хато бўлмайди. Чунончи, билимлар беллашуви аввалида таниқли ёзувчи Нурали Қобил, сиёсий фанлар бўйича фалсафа фанлари доктори Абулҳасан Нуриймон Абдураҳим, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси аъзоси Обиддин Маҳмудов, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда илм-фан, адабиёт, таълим, маънавият, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида фикр юритдилар. Шунингдек, аҳолининг мутолаа маданиятини юксалтириш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини чоп этиш, китобхонликни рағбатлантириш борасидаги эзгу ишлар тилга олинди.
Шундан сўнг “Зукко китобхон” интеллектуал ўйинининг шаҳар ва туманлар босқичида ғолибликни қўлга киритган 14 та жамоа вакиллари билим майдонида беллашдилар. Ҳар қандай мусобақадаги каби салоҳияти кучлиларга омад кулиб боқди. Чунончи, 1- ўрин Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлимининг “Адолат” жамоасига насиб этди. Энди ушбу жамоа “Зукко китобхон” интеллектуал ўйинининг республика босқичида қатнашади. Якунда фахрли ўринларни қўлга киритганлар Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.